Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозир Ер юзи аҳолисининг қарийб 40 фоизи аллергиядан азият чекмоқда. Ҳар уч кишидан бири аллергик ринит, ҳар ўнинчи одам бронхиал астмага чалинган.
‼️ Бу глобал муаммо юртимизда аллергик касалликларни аниқлаш ҳамда даволаш бўйича илғор тажрибаларни амалиётга самарали татбиқ этиш, соҳада илмий тадқиқотлар кўламини янада кенгайтиришни тақозо этади.
🏢 Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказининг барча шароитларга эга янги биносида бошланган Ўзбекистон аллерголог-клиник иммунологларининг III конгрессида шу ҳақда сўз борди.
❇️ Гибрид форматдаги тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, мамлакатимиз аллерголог-иммунологлари, шунингдек, Россия, Туркия, Германия, Австрия, Жанубий Корея, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон каби давлатлардан етакчи олимлар ва профессор-шифокорлар иштирок этмоқда.
✅ Конгресснинг бу галги мавзуси “Аллергология-иммунологиянинг глобал муаммолари ва истиқболдаги ечимлари» деб номланган.
▶️ Тадбирни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори Илмира Разикова сўзга чиқди.
🗂 Қайд этилганидек, кейинги йилларда бу соҳани ривожлантириш учун барча ҳуқуқий асослар яратилмоқда. Хусусан, Президентимиз томонидан 2018 йилда имзоланган “Аллергик касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволашни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги янгиланишлар учун дастуриламал бўлди.
📋 Орадан 5 йил ўтиб, тиббиётнинг ушбу муҳим йўналишини ислоҳ қилиш масаласига яна давлат даражасида эътибор қаратилди. Шу йил 23 ноябрда мамлакатимиз раҳбарининг «Аллергик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
🔬 Унга кўра, тиббиётнинг бирламчи бўғинидан бошлаб аллергик касалликларнинг эпидемиологик кўрсаткичлари устидан назорат кучайтирилиши ва манзилли скрининг текширувлари жорий этилиши белгиланди.
💊 Ўз навбатида, 2024 йил 1 январдан аллергик ва иммунологик касалликларга чалинган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган беморларни ингаляцион глюкокортикостероид дори воситалари билан бепул таъминлаш тизими йўлга қўйилади.
🩺 Аллергик касалликлар кўрсаткичлари юқори ҳудудларда йилига камида бир марта оммавий ва селектив скрининг текширувлари ўтказилиб, ҳудудларда аллергология ва клиник иммунология йўналишида юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари турлари босқичма-босқич 10 турдан 20 тургача оширилиши ҳам муҳим янгиликлар сирасидан.
🏥 Шу билан бирга, келгуси йил 1 январдан Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази этиб қайта ташкил қилинади. Бинобарин, аллергик касалликка чалинган беморларнинг электрон реестри яратилиб, амалиётга татбиқ этилади.
📌 Конгресс давомида ўзбекистонлик ва хорижлик мутахассислар маърузаларида аллергологик хизмат, бронхиал астма, аллергик ринит ва молекуляр аллергологик ташхисот, дори аллергияси, атопик дерматитга оид долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар ўртага ташланяпти.
✅ Шунингдек, тадбир доирасида илк бор “Сурункали қаварчиқлар билан оғриган беморга тиббий хизмат кўрсатиш” мавзусида маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.