Илмира Разикова,
Тошкент тиббиёт академияси «Аллергология, клиник иммунология ва хамширалик иши» кафедраси мудири:

🕰 — Озиқ-овқат аллергияси аломатлари бир неча дақиқадан икки соатгача бўлган даврда юзага келади. Асосий симптомлар терида тошма, қичишиш, шиш ёки ачишиш билан намоён бўлади.

🩺 Оғиз бўшлиғи шиллиқ пардасининг шишиши, аллергик ринит, яъни бурун битиши, аксириш ва бурундан сув келиши, йўтал, нафас қисиши, кўзларнинг ёшланиши ва қизариши, кўнгил айниши кузатилиши мумкин.

🤧 Аллергия маҳали одатда эшакеми кўринишида шаклланиб, қаттиқ ўзакли қизил тусли тошма, шиш ва қичишиш билан кечади.

🤱Эмизикли болаларда озиқ-овқат аллергияси атопик дерматит сабаб қатор қўшимча аломатларга эга. Масалан, тери қуришқоқлиги, боланинг анал соҳасида эмизгандан кейин кучаядиган қизариш шулар жумласидан.

🔎 Баъзи одамларда озиқ-овқат аллергияси жиддий аломатлар — бронхиал обструкция, кўкрак қафасидаги сиқилиш, нафас олишнинг қийинлашиши, қон босимининг кескин пасайиши, бош айланиши ёки хушни йўқотиш каби ҳаёт учун хавфли аломатлар билан кузатилиши мумкин.

🏥 Ҳозир «Аллергология, клиник иммунология ва хамширалик иши» кафедраси базасида ушбу хасталик тури инновацион диагностика усуллари ёрдамида аниқланмоқда. Молекуляр аллергология — шулардан бири.

🔬 У орқали бир вақтнинг ўзида бир томчи қондан 300 тагача аллергенга карши антитанача ва аллерген молекуласининг оқсилли компоненти ўрганилади. Энг асосийси, бронхиал астманинг олдини олиш учун ўтказиладиган АСИТ самарадорлиги бор-йўқлиги тасдиқланади.

‼️ Шу соҳа мутахассиси сифатида озиқ-овқат аллергиясидан азият чекадиган ёки бунга мойил кишиларга шифокорлар кўригидан ўтиб, уларнинг тавсия ва кўрсатмаларига қатъий амал қилишларини тавсия қиламан.

🍱 Умуман, аллергиянинг табиий даво усули, аввало, тўғри овқатланишдир. Бемор аллерген чақирувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан тийилиши ва воз кечиши лозим.

💉 Шу билан бирга, марказимизда касалликнинг оғир босқичлари ва шаклларини бошдан кечираётган беморларнинг самарали даволаниши учун барча зарур шароитлар яратилган.

 

Leave a Comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.