— Дунёда аллергик касалликларнинг ўта оғир кечувчи янги турлари кўпаймоқда. Бу экологик муаммолар, нотўғри овқатланиш, дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш, кам ҳаракатлилик каби қатор омиллар билан боғлиқ.
🏥 Аллергология, клиник иммунология ва ҳамширалик иши кафедраси жойлашган клиник базаси Республика илмий –ихтисослаштирилган аллергология марказида аллергик хасталикларни профилактика ва диагностика қилиш ҳамда даволашга ихтисослаштирилган. Беморлар учун 45 ўринли стационар, консультатив ташхис қўйиш поликлиникамиз, аллергология, лаборатория, физиотерапия бўлимларида, “астма ва аллергия мактаби” марказ ва кафедра ходимлари иштирокида фаолият кўрсатмоқда.
🔬 Бу ерда биокимёвий, клиник ва иммунологик лаборатория синовлари ўтказиляпти.
🩺 Ўтган йили қонда бир вақтнинг ўзида 90 турдаги аллергенга нисбатан махсус ва умумий иммуноглобулинларни аниқлаш имконини берувчи “PROTIA Allerqy-Q90” — ИФА мультиплекс диагностик текширув усули йўлга қўйилди.
📌 Теридан олинган био-материаллардан “Demodex folliculonum” ва қўтир қаначаларини аниқлаш усуллари жорий қилинди.
📊 Бундан ташқари, Италияда ишлаб чиқарилган “Alisei” диагностика автомат анализаторидан фойдаланяпмиз. У орқали энг илғор деб ҳисобланган “in vitro” усулида бир пайтнинг ўзида 200 дан ортиқ аллергенларни аниқлаш имконияти мавжуд.
✅ Муҳими, текширувлар учун ёш чекловлари йўқ. Уни исталган пайтда ўтказиш бўлади. Беморларнинг турли дори воситаларини истеъмол қилганлиги тест натижаларига тўсқинлик қилмайди. Ўз навбатида, шу текширувлардан фойдаланган холда кафедра ва марказ ходимлари томонидан илмий тадқиқотлар олиб бориляпти.
📈 Замонавий диагностика ва даволаш усуллари ҳудудларда ҳам амалиётга кенг татбиқ этилмоқда.
🏥 Хусусан, Нукус шаҳрида атопик синдромни эрта аниқлаш, ташхислаш усулларини жорий этиш лойиҳаси рўёбга чиқарилиб, “Аллергия ва астма” мактаблари ташкил этилди. Кафедра мудири ва кафедра ходимлари иштироқида илмий – тадқиқот ишлар олиб борилмоқда.
🧪 Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси РИИАМ филиали ва Нукус шаҳри кўп тармоқли марказий поликлиникасида илк бор ташқи нафас тизимига аллергенлар таъсирини провакация, яъни аллергенни нишон аъзога юбориб бронхоспазмни юзага келтириш орқали текшириш усули йўлга қўйилди.
Келгусида бундай янгиликларни бошқа ҳудудларда оммалаштиришни мақсад қилганмиз.
Илмира Разикова,
ТТА аллергология, клиник иммунология ва хамширалик иши кафедра мудири, республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори.